Носозлик бўлганини сезмай ҳам қоласиз! John Deere – қишлоқ хўжалиги учун мақбул техника

 

John Deere нафақат АҚШда, балки бутун дунё бўйича қишлоқ хўжалиги учун керакли техникаларни ишлаб чиқариш бўйича етакчи компания ҳисобланади. Сифат нуқтаи назаридан аллақачон мижозлар ишончини оқлашга улгурган компания иқтисодиётининг асосий ричагларидан бири қишлоқ хўжалиги бўлган Ўзбекистонда ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.

 

 

Сифат ва ҳалолликка қурилган пойдевор

1837 йилда ўзининг дастлабки фаолиятини бошлаган компаниянинг номи оддий темирчи Жон Дир билан боғлиқ. Ихтирочиликни ҳам ўзига юқтирган темирчи Жон силлиқланган темирдан ўзининг биринчи плугини ясайди. Бу фермерликни ривожлантиришга астойдил бел боғлган Жоннинг Иллинойс штатида John Deere компанияси фаолияти учун қўйган биринчи тамал тоши эди. Фаолиятининг аввалиданоқ темирчи ҳалоллик, сифат, ишга садоқат ва инновацияни ўзи учун асосий принцип сифатида белгилаб олган. Бир асрдан ортиқ тарихга эга компания ҳанузгача шу принциплардан оғишмай фаолият юритиб келмоқда.
 

Қисқа муддат, самарали натижа

Компания 2017 йилда Ўзбекистонга ўзининг қишлоқ хўжалиги техникалари билан кириб келди. Орадан қисқа муддат ўтганига қарамай, соҳадаги талаб юқори бўлган субъектга айланиб улгурган.

2017 йилда Сурхондарё вилоятидаги хусусий фермер хўжалигига турли қувватдаги тракторларни етказиб беришдан ўз ишини бошлаган John Deere ҳозирда 800дан ортиқ техникасини олиб кирган. Турли қувватдаги тракторлар, ем ўрувчи ва дон йиғувчи комбайнлар, ўзиюрар пурковичлар, тиркама аравалар қишлоқ хўжалигида унумдор иш муҳитини яратиш учун хизмат қила бошлади.

2018 йилда John Deere турли ихтисосликдаги фермерчилик кластерларини керакли техника билан таъминлай бошлади. Дончилик, емчилик, сабзавотчилик, мевачилик, чорвадорлик, пахтачилик – барча йўналишлар учун қулай бўлган трактор ва комбайнлар фермерларнинг мушкулини осон қилди.

Ўтган 2019 йил ҳам компаниянинг Ўзбекистондаги расмий диллери учун маҳсулдор бўлди. Турли қувватдаги тракторлар, ем ва пахта терувчи комбайнлар, плуглар, ўғит пурковчи машиналар мижозларга етказиб берилди.

 

2019 йилнинг энг аҳамиятли воқеаларидан бири, Тошкент давлат аграр институти ҳамда Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтида John Deere ўзининг ўқув хоналарини ташкил этди. Олийгоҳлар билан тузилган меморандумга асосан, мазкур ўқув хоналарида қишлоқ хўжалиги бўйича катта тажриба ва билимга эга бўлган хорижий экспертлар, халқаро мутахассислар жалб этилиб, қизиққан талабалар учун ўқув семинарларини ўтказиш йўлга қўйилди. Бу орқали John Deere қишлоқ хўжалиги учун малакали кадрлар тайёрлаш жараёнида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Компания мижозларга максимал қулайлик яратиш мақсадида Тошкентда ўзининг сервис омборхонасини ташкил этган. Унда техникаларга сифатли хизмат кўрсатиш учун керакли бўлган оригинал захира қисмлар ва мойлаш учун мўлжалланган материаллар мавжуд. Хизмат кўрсатиш марказида мижозларга керакли пайтда зарурий хизмат малакали мутахассислар томонидан кўрсатилади. Bahco брендининг техник ускуналари билан жиҳозланган махсус автомашина ҳам мижозларга қулайлик яратиш, техникаларда носозлик ҳолатларини қисқа муддатда бартараф этиш учун шай.

John Deere билан ҳамкорлик қилувчи фермер хўжаликлари компания маҳсулотларининг иш унумдорлигига таъсири, хизматнинг оперативлигини эътироф этишади.

“John Deere’нинг қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган машиналари камхаржлиги ва иш унумдорлигининг юқорилиги билан ажралиб туради. Техникани сунъий йўлдош орқали бошқариш имкониятининг мавжудлиги уни доим назорат қилиш, қанча харажат кетаётганини ҳисоблаб бориш имконини беради.

Мабодо машинада қандайдир носозлик рўй берса, буни сезмай ҳам қоласиз. Компания ходимлари хизмат кўрсатиш марказида сунъий йўлдош орқали уларни доимий кузатиб боришади, кичик носозлик кузатилганда ҳам куннинг қайси вақти бўлишидан қатъий назар етиб келиб, керакли хизматни кўрсатишади. Кутишга ҳожат ҳам йўқ. Малакали, олий маълумотли механиклар ўз ишининг кўзини билади. Биз шунинг учун ҳам доим John Deere билан ҳамкорлик қилиб келамиз”, – дейди Khantex агрофирмаси механиги Ўткирбек Йўлдошев. 

2020 йил: яна ҳам кўпроқ режалар

2019 йил апрель ойидаги “Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникаси билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонига асосан бу борада салмоқли ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент вилоятларида фермер хўжаликлари учун пахта терувчи машиналарга хизмат кўрсатиш харажатларининг 30 фоизини кўтариш белгиланган. “Ўзтўқимачисаноат” уюшмаси билан ҳамкорлик меморандуми тузилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистонга йирик партияда қишлоқ хўжалиги техникасини, хусусан, пахта териш машиналари ва тракторларни етказиш кўзда тутилмоқда.

Янги татбиқ этилаётган кластер тизими фермер хўжаликлари ва тўқимачилик соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ўртасида бозор муносабатларининг шаклланишига ёрдам беради, пахта хомашёси ҳажмини ошириш имконини беради. Бу ижобий ўзгаришларда John Deere компанияси ҳам ўзининг сифатли ва унумдорлик кўрсаткичларига эга техникалари билан фаол иштирок этишда давом этмоқда.

Манбаа: kun.uz/news/2019/12/23/nosozlik-bolganini-sezmay-ham-qolasiz-john-deere-qishloq-xojaligi-uchun-maqbul-texnika