Ўзбекистон - Америка муносабатларининг ижобий самараси қишлоқ хўжалигида янги даврни бошлаб бермоқда

 Жорий йилнинг 15-17 май кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга расмий сафар уюштирган эди. Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ расмий делегацияси вакиллари иштирок этиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Вашингтондаги «Блэйр хаус» қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида ҳужжатларни имзолаш маросими ўтказилиб, икки мамлакат вазирлик ва компаниялари ўртасида савдо, энергетика, молия, қишлоқ хўжалиги, фан-таълим соҳаларига доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Давлат раҳбарининг Америкага расмий ташрифи қишлоқ хўжалигига замонавий инновацион технологияларнинг кириб келишида ўзига хос ижобий таъсир ўтказди. Айни пайтда кластер усулига Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қаралмоқда. Жорий йил мамлакатимизнинг кўплаб туманларида мазкур лойиҳа синовдан ўтди.

Маълумки, 2018 йил Президент ташаббуси билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинган. Давлат раҳбарининг аграр секторга замонавий технологияларни олиб кириш ташаббуси амалда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Тошкент, Андижон, Наманган, Хоразм,Сирдарё ва Жиззах вилоятларида Америкада ишлаб чиқарилган, юқори самарадорликка эга - John Deere CP 690 пахта терим комбайнларидан илк бор ҳосилни териб олишда фойдаланилгани ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер лойиҳаси Андижон вилоятининг Қўрғонтепа ва Балиқчи туманларида, Тошкент вилоятининг Ўртасарой ҚФЙда ва Наманган вилояти Учқўрғон туманларида амалга оширилмоқда. “Khantex” ва “Uztex” кластерларига John Deere CP 690 пахта терими комбайнлари ва 8R русумли John Deere тракторлари келтирилиб, пахта майдонларида юқори самарадорликка эришилди.

Жорий йил, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида мавжуд 8168 гектар пахта майдонининг 858 гектарида “Khantex-group” томонидан замонавий технологик ускуналар асосида кластер усулида пахта етиштирилди.

“Khantex-group” корхонаси пахта ҳосилини сифатли териб олиш мақсадида кластерга замонавий технологияларни олиб келди. Жамият Американинг қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришда жаҳонда юқори нуфузига эга бўлган – “John Deere” компаниясидан 2 та пахта териш комбайнини пахта мавсумида синовдан ўтказди.

6 қаторлик “John Deere CP690” хамда 4 қаторлик “John Deere 9970” пахта териш машиналарининг ишлаш қуввати ўз самарадорлигини амалда яққол намоён этди. 6 қаторлик “John Deere CP690” пахта териш машинаси кунига 40-50 гектар майдондан 80-100 тоннагача, 4 қаторлик “John Deere 9970”  пахта териш машинаси эса 25-30 гектардан 50-70 тоннагача пахта териш имкониятига эга. Тасаввур қилинг, агар ҳосилни териш учун далага 100 нафар теримчи чиқиб, 5 гектарда ўртача 70 килограммдан пахта терса 7 тонна бўлади. Уларга кетадиган харажатлар ҳам шунга яраша. 6 қаторлик агрегатнинг яна бир қулайлиги терилган пахтани, терим жараёни давомида думалоқ рулон ҳолатига келтириб, уни плёнкага қадоқлайди. Бу, ўз навбатида, терилган пахтани даладан транспорт ёрдамида олиб кетишга қулайлик яратувчи муҳим омилдир. Ҳар бир рулонни 2-2,2 тонна оғирликда ғамлайди. Кўриб турганингиздек,  “John Deere” қишлоқ хўжалиги техникалари кластерга ҳар томонлама фойда келтиради”, - дейди “Khantex-group” иқтисодчиси Бекзодбек Ҳакимов.

Тўқимачилик кластери қошида ташкил этилган “Sunshine Republic” фермер хўжалиги пахтани 76 схемада экиб парваришлаган. Бу йил 350 гектардан зиёд пахта майдони “John Deere” қишлоқ хўжалиги техникалари ёрдамида терилди ва юқори ҳосилдорликка эришилди. Кластер кейинги йилда мавжуд 858 гектар ернинг барчасига 76 схемада деҳқончилик қилишни режалаштирган.

Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалигига жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларининг замонавий технологияларини олиб кириш, ҳосилни етиштириш, йиғиб олишда вақт ва маблағни тежайди.